Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
O‘zbekiston Respublikasining Isroil Davlatidagi elchixonasi

Ўзбекистон ва Бельгия: “яшил” ҳамкорлик учун янги имкониятлар



Ўзбекистон халқаро экологик ҳамкорликни фаол ривожлантиришда давом этмоқда. Бу борада мамлакат тажриба алмашиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг барқарор ечимларини излашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу нуқтаи назардан, Бельгия оқилона табиий ресурслардан фойдаланиш ва “яшил” инновациялар соҳасида катта тажрибага эга истиқболли ҳамкор сифатида кўрилмоқда.

Ҳамкорлик сари ташланган дастлабки қадам — Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги делегациясининг 2024 йил октябрь ойида Бельгиянинг Брюгге шаҳрида ўтказилган Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг (IUCN) минтақавий форумида иштирок этганлигидир. Мазкур форум икки давлат мутахассислари ўртасида фикр алмашиш ва ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун муҳим майдон бўлди.

Бельгия Европада чиқиндиларни бошқариш, ресурсларни қайта ишлаш ва сиркуляр иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш борасида етакчи давлатлардан бири сифатида тан олинган. Ушбу тажриба Ўзбекистон учун ҳам долзарб бўлиб, мамлакатда чиқиндиларни қайта ишлаш ва “яшил” энергетика соҳаларида замонавий ёндашувлар фаол жорий этилмоқда.

Шунингдек, сув ресурсларига оид масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар икки давлат сув танқислиги муаммосига дуч келмоқда. Шу боис Бельгиянинг Шелда ва Маас каби трансчегаравий дарёларни бошқариш тажрибаси Ўзбекистон учун сув ресурсларидан фойдаланиш ва сув сифатини мониторинг қилиш тизимларини такомиллаштиришда фойдали намуна бўлиши мумкин.

Ҳамкорликнинг алоҳида йўналишларидан бири — илм-фан ва таълимдир. Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”) Бельгия етакчи олий ўқув юртлари — “Catholic University of Leuven”, “Ghent University”, “University of Liège” ва “University of Antwerp” билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Мазкур олий ўқув юртлари экологик йўналишлар ва тадқиқотлар бўйича жаҳоннинг етакчи университетлари қаторига киради. Бу эса талабалар, олимлар алмашинуви ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади.

Бундан ташқари, бельгиялик ҳамкорлар 2025 йил 24 ноябрдан 5 декабргача Самарқандда бўлиб ўтадиган “Ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенция” конференциясининг 20-йиғилиши (CITES COP20) ҳамда 2026 йил июн ойи бошида ўтказилиши режалаштирилган “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмасига таклиф этилди.

Бельгия билан ҳамкорлик Ўзбекистонда экологик ташаббусларни янги босқичга олиб чиқиш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва иқлим, биохилма-хиллик ҳамда “яшил” иқтисодиёт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради. Буларнинг барчаси — барқарор ва экологик жиҳатдан хавфсиз келажак сари муҳим қадамдир.

 

 



  ...