Elchixona bilan bog'lanish
telefoni
Konsullik masalalari bo'yicha
telefoni
O‘zbekiston Respublikasining Isroil Davlatidagi elchixonasi

Ўзбекистон ва Қозоғистон: рақамли ҳамкорлик янги босқичда



Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) соҳасидаги ҳамкорлик изчил равишда кенгайиб, стратегик аҳамият касб этмоқда. Бу ҳамкорлик нафақат икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамламоқда, балки Марказий Осиёда ягона рақамли маконни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб шаклланган бўлиб, бугунги кунга келиб янада такомиллаштирилди. Электр ва почта алоқалари, чегараолди ҳудудларда алоқа хизматлари, радиочастоталарни мувофиқлаштириш ҳамда космик тадқиқотлар соҳасида имзоланган битим ва келишувлар икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам пойдеворини яратди.

Хусусан, 2025 йилда радиочастоталардан фойдаланиш бўйича янги келишув имзоланиши рақамли инфратузилмани уйғун ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Рақамли иқтисодиёт: ўсиш ва инвестициялар

Сўнгги йилларда рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Қозоғистон капитали иштирокидаги IT Park резидентлари сони 67 тага етди ва улар томонидан 2025 йилда 2,8 млн АҚШ долларлик экспорт хизматлари кўрсатилди. Шу билан бирга, 755 та янги иш ўрни яратилди.

Қозоғистон бозорига хизмат экспорт қилувчи компаниялар сони 155 тага етиб, экспорт ҳажми 17,6 млн долларга етди. Уларда мехнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар сони эса 4,6 мингтага етказилди. Бу эса ўзаро ишонч ва бизнес муҳитининг ривожланаётганидан далолат беради.

Марказий Осиёнинг етакчи технопарклари ҳамкорлигида ташкил этилган “Central Asian Innovation Hubs” платформаси эса минтақавий стартап экотизимини янги босқичга олиб чиқди. Ушбу платформа орқали юзлаб стартаплар халқаро бозорларга чиқиш имконига эга бўлди.

Стартаплар ва глобал интеграция

Ҳамкорлик доирасида стартапларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “ICT Week Uzbekistan” ва “GITEX Global” каби нуфузли тадбирларда икки давлат стартаплари фаол иштирок этмоқда.

Қозоғистон ва Ўзбекистон стартаплари АҚШ, БАА, Германия ва Буюк Британияда ўтказилган халқаро акселерация дастурларида қатнашиб, янги инвестициялар жалб қилди. Жумладан, 40 та стартап “Draper University”, “AlchemistX” ва “Silicon Valley Residency” дастурларида иштирок этди.

“Central Asian Innovation Hubs”нинг 100 та стартаплари Қозоғистондаги “AI Forum”, Туркиядаги “Eurasia Technology Week”, БААдаги “Machines Can See Summit”, Германиядаги “Gitex”,  Буюк Британиядаги “London Tech Week” каби халқаро конференцияларда қатнашди.

“Astana Hub” резидентлари орасида ўзбек капиталига эга 20 дан ортиқ компания фаолият юритмоқда.

Маълумот ўрнида:  “Oson”, “Billz”, “Sales Doctor”, “IT Academy for Engineers”, “Verifix”, “Smartup”, “Iman”, “Uysot”, “Sales Doctor”, “Smartcast”, “Uysot”, “Tezbor”, “Platma”, “BITO” каби компаниялар киради.

Шунингдек, Шанхай шаҳрида “Khan Tengri Innovation Hub”нинг очилиши минтақавий стартаплар учун Хитой бозорига кириш имкониятларини кенгайтирди.

2025 йил 3 октябрь куни “Digital Bridge 2025” халқаро конференцияси доирасида “Kazakhstan Market Entry” глобал акселерация дастури ишга туширилди. Ушбу дастур доирасида Ўзбекистон Республикасидан 10 нафар стартап ўз лойиҳаларини саҳнада тақдим этди. Акселерация “Astana Hub” билан ҳамкорликда ўтказилмоқда ва алмашинув дастури ҳисобланади. Унинг доирасида Қозоғистон Республикасидан 10 та стартап “Digital Startup Awards” акселерацияси доирасида Ўзбекистон Республикаси бозорида ўз маҳсулотларини фаол ривожлантирмоқда.

“Digital Startup Awards” лойиҳаси доирасида, умумий мукофот жамғармаси 1 млн АҚШ долларини ташкил этувчи минтақадаги энг йирик ташаббуслардан бири сифатида, амалга оширилган инкубация ва акселерация дастурлари, шунингдек “Best Startup Project” танловида Марказий Евроосиё мамлакатлари, жумладан Қозоғистон ва минтақанинг бошқа бозорларидан келган стартаплар иштирок этди.

Дастур якунига кўра, 14 та стартап акселерацияни ва 15 та стартап инкубацияни муваффақиятли якунлади. Акселерация дастури натижаларига кўра, “IT Park Ventures” фонди стартапларнинг эришган натижалари ва кенгайиш салоҳиятидан келиб чиқиб, “SAFE” форматида 50 000 АҚШ долларигача инвестиция киритди, шунингдек инкубация дастуридаги стартапларга ҳам худди шу асосда 10 000 АҚШ долларигача инвестиция ажратди.

Телекоммуникация: ўзаро боғлиқликни кучайтириш

Телекоммуникация соҳасида ҳамкорлик доирасида йирик операторлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа каналлари йўлга қўйилган. Бу орқали халқаро телефон ва интернет трафиклар самарали алмашилмоқда.

Жумладан, “Ўзбектелеком” АК, “Казахтелеком” АЖ, “Jusan mobile” АЖ, “ТрансТелеком” АЖ, “TNS-Plus” МЧЖ каби телекоммуникация операторлари билан алоқа каналлари ташкил этиб, улар орқали халқаро тўғридан-тўғри ва транзит телефон-телеграф трафиклари алмашинуви амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, икки давлат ўртасида мобил қурилмаларнинг IMEI-кодлари бўйича маълумот алмашиш тизими жорий этилмоқда. Бу эса ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ноқонуний қурилмалар айланмасига қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга.

Сунъий интеллект: келажакка қаратилган ҳамкорлик

Сунъий интеллект соҳасида ҳам ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Қозоғистондаги Назарбаев университети ҳузуридаги сунъий интеллект институти билан илмий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Икки давлат мутахассислари томонидан кадрлар тайёрлаш, тадқиқот лабораторияларини ривожлантириш ва инновацион ечимларни ишлаб чиқиш бўйича қўшма ишлар олиб борилмоқда.

Рақамли ҳукумат: трансчегаравий ҳамкорлик

2025 йил 17 декабрда БМТ ЭСКАТО (UN ESCAP) ва Ўзбекистон Республикаси, шунингдек, БМТ ЭСКАТО ва Қозоғистон Республикаси ўртасида имзоланган Ўзаро Англашув Меморандумлари асосида туризм соҳасида маълумот алмашиш бўйича пилот лойиҳасини ишга тушириш тўғрисида келишувга эришилди.

2026 йил 13 март куни Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказида БМТ ЭСКАТО, Кореянинг NIA агентлиги ҳамда Қозоғистоннинг “NITEC” АЖ ўртасида бўлиб ўтган учрашувда лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланганлиги эълон қилинди.

Лойиҳанинг биринчи босқичи давомида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Корея ўртасида трансчегаравий маълумот алмашишнинг ҳуқуқий ва техник асослари ишлаб чиқилди. Шунингдек, маълумотларга асосланган таҳлиллар тайёрланиб, уларнинг қарор қабул қилиш жараёнидаги аҳамияти намойиш этилди. Хусусан, кореялик сайёҳларнинг Ўзбекистондаги фаолияти ва истеъмол хусусиятлари бўйича олинган натижалар амалий аҳамиятга эга бўлди.

Пилот лойиҳасининг кейинги босқичлари ҳам муваффақиятли амалга оширилганидан сўнг, маълумот алмашинувини бошқа устувор тармоқларга кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида маълумот алмашиш бўйича ягона давлатлараро платформани яратиш режалаштирилган.

Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши трансчегаравий рақамли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда давлат ва тижорат хизматларинингса марадорлигини оширишни таъминлайди.

Келгусида мазкур ташаббусни кенгайтириш ва ягона давлатлараро рақамли платформа яратиш режалаштирилмоқда. Бу эса давлат хизматлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ахборот хавфсизлиги ва инфратузилма

Ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик меморандумлари доирасида электрон ҳукумат тизимлари, рақамли платформалар ва давлат маълумотларини бошқариш тизимларини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, 700 МГц диапазонида 4G ва 5G тармоқларини жорий этиш учун рақамли телевидениени трансформация қилиш ишлари Марказий Осиё миқёсида мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги АКТ соҳасидаги ҳамкорлик бугунги кунда нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун стратегик аҳамиятга эга. Рақамли иқтисодиёт, стартап экотизими, сунъий интеллект ва телекоммуникация соҳаларидаги қўшма ташаббуслар минтақада инновацион ривожланишни жадаллаштирмоқда.

Бу ҳамкорлик келгусида ягона рақамли маконни шакллантириш ва глобал рақобатбардошликни оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Марказий Осиё янги экологик босқич остонасида

 

2026 йилнинг 22–24 апрель кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган Минтақавий экологик саммит Марказий Осиё учун муҳим аҳамият касб этади. У, аввало, минтақа давлатларининг иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградацияси каби мураккаб муаммоларга биргаликда ечим излаётганлигининг яна бир ёрқин исботидир. Бу — экологик сиёсатда янги босқич, мустаҳкам ҳамкорликка асосланган стратегияга ўтишни англатади.

Муаммолар умумий — ечим ҳам умумий бўлиши шарт

Марказий Осиёда экологик муаммолар чегара танламайди. Орол денгизи фожиаси, трансчегаравий дарёлардан бесамар фойдаланиш, чўлланиш ва ҳаво ифлосланиши — буларнинг барчаси бир давлат эмас, балки бутун минтақа тақдирига таъсир қилади.

Сўнгги ўн йилликларда сув ресурсларининг нотўғри бошқарилиши, айниқса, Амударё ва Сирдарё ҳавзасидаги босимнинг ортиши нафақат экотизимлар, балки иқтисодий барқарорликка ҳам салбий таъсир қилди. Шу маънода, минтақавий саммит — муаммоларни тан олишдан уларни биргаликда ҳал этиш босқичига ўтишнинг амалий кўринишидир.

Саммит кун тартибида экологик сиёсатга комплекс ёндашувни акс эттирувчи саккизта устувор йўналиш белгиланган. Булар иқлим ўзгаришига қарши кураш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экотизимлар барқарорлигини таъминлаш, табиий хавфларга мослашиш ва иқтисодий барқарорликни кучайтириш, ҳаво ифлосланишини камайтириш ва чиқиндиларни самарали бошқариш, экологик мақсадларга эришиш механизмларини ривожлантириш, табиий ресурсларни барқарор бошқариш, адолатли ва инклюзив “яшил ўтиш” ҳамда экологик ва рақамли компетенцияларни ривожлантиришдир. Шу тариқа, саммит кун тартиби экологик масалалар билан бир қаторда ижтимоий-иқтисодий жиҳатларни ҳам қамраб олади.

Саммит ташаббусининг BMT даражасида қўллаб-қувватланиши бу жараёнга жиддий сиёсий ва халқаро аҳамият бағишлайди. Бу эса минтақа учун муҳим сигнал: экологик масалалар энди фақат табиатни муҳофаза қилиш эмас, балки хавфсизлик, иқтисодиёт ва ижтимоий барқарорлик масаласига айланмоқда. Хусусан, халқаро молия институтлари — Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки каби тузилмаларнинг жалб этилиши экологик ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантириш имкониятини кенгайтиради. Чунки муаммоларни ҳал қилиш учун фақат сиёсий баёнот эмас, балки катта молиявий ресурслар ва технологиялар ҳам зарур.

“Яшил ўтиш” — имконият ёки чақириқ?

Саммит кун тартибидаги “яшил ўтиш” масаласи алоҳида аҳамиятга эга. Бу жараён Марказий Осиё давлатлари учун икки томонлама характерга эга.

Бир томондан, “яшил иқтисодиёт”га ўтиш янги инвестициялар, инновациялар ва иш ўринлари яратиш имконини беради. Қайта тикланувчи энергия, ресурс тежамкор технологиялар ва барқарор қишлоқ хўжалиги соҳалари ривожланиши мумкин.

Иккинчи томондан эса, бу жараён катта ислоҳотларни талаб қилади. Эски инфратузилмаларни янгилаш, саноатни модернизация қилиш ва аҳолининг экологик маданиятини ошириш — осон вазифа эмас. Шунинг учун ҳам саммитда “адолатли ва инклюзив яшил ўтиш” тамойилига урғу берилиши бежиз эмас.

Ўзбекистон: ислоҳотлар ва экологик ташаббуслар намойиши

Ўзбекистон учун ушбу саммит халқаро майдонда ўз экологик сиёсатини намоён этиш имкониятидир. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Тоза ҳаво”, “Био мерос”, “Чиқиндисиз ҳудуд” ва “Эко-маданият” лойиҳалари каби дастурлар мамлакатнинг бу йўналишда фаол позициясини кўрсатмоқда.

Айниқса, Оролбўйи ҳудудини тиклаш бўйича амалий ишлар Ўзбекистонни нафақат минтақада, балки глобал миқёсда ҳам муҳим ҳамкорга айлантирмоқда. Бу эса инвестициялар жалб қилиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шароит яратади.

Саммитдан кутилaётган энг муҳим натижа

Саммитда минтақa учун стратегик аҳамиятга эга бир қатор ҳужжатлар, хусусан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг қўшма декларацияси, 2026–2030-йилларга мўлжалланган БМТ билан ҳамкорликдаги минтақавий дастур, биохилма-хиллик, экотуризм ва экотизимларни муҳофаза қилиш бўйича меморандумлар, ёнғинлар бўйича эрта огоҳлантириш тизимини яратиш бўйича келишувлар ва трансчегаравий “Тинчлик боғи” ташаббусларини имзолаш режалаштирилган.

Мазкур ҳужжатлар узоқ муддатли ҳамкорлик ва экологик лойиҳаларни молиялаштириш учун мустаҳкам асос яратади.

Хулоса: глобал чақириқларга минтақавий жавоб

Минтақавий экологик саммит Марказий Осиёнинг глобал экологик кун тартибидаги роли ортиб бораётганини кўрсатади. Ушбу форум иқлимий хатарларни камайтириш, табиий ресурсларни асраш ва барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган ягона минтақавий стратегияни шакллантириш йўлида муҳим қадамдир. Ўзбекистон учун эса саммитда иштирок этиш — бу нафақат ўз ютуқларини намойиш қилиш, балки халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва “яшил иқтисодиёт” йўналишидаги ташаббусларни илгари суриш учун муҳим имкониятдир.

СУВНИ ТЕЖАШ УМУМИЙ ҚАДРИЯТИМИЗГА АЙЛАНИШИ ЗАРУР

 

Бугун дунёда сув ресурсларига талаб ва эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Ҳозирги шароитда Марказий Осиёнинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, тараққиётга эришишнинг муҳим омилларидан биридир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан глобал экологик таҳдидларнинг олдини олиш, хусусан, сув хавфсизлиги борасида илгари сурилаётган конструктив таклифлар ва амалий ташаббуслар минтақа мамлакатлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Бу жараёнда қишлоқ хўжалигида мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда замонавий суғориш технологияларини кенг жорий қилиш энг мақбул ечим сифатида қаралмоқда. Бу тизим нафақат сув, балки минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, ишчи кучи кабиларга сарф-харажатларни тежаши билан бирга ҳосилдорликни ошириши нуқтаи назаридан унинг жозибадорлиги юқори.

Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг илк давридаёқ сувдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ўзбекистонни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегиясида республикамизда суғорма деҳқончилик қилинадиган барча майдонларда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳам шу масалага эътибор қаратиб, 2026 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш тадбирларига жами 3 трлн. 300 млрд. сўм йўналтирилишини айтиб ўтдилар (тахминан 275 млн. доллар).

Таҳлиллар шуни кўрсатдки, мамлакатимизда 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, жумладан, субсидиялар ажратилаётгани катта самара бериб, кластер ташкилотлари ва фермерларни рағбатлантирмоқда.

Ўтган даврда сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари йилдан йилга такомиллаштирилди.

Натижада 2019-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 664 минг гектарда томчилатиб, 124 минг гектарда ёмғирлатиб, 73 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинди, шунингдек, 124 минг гектар майдонлар эгилувчан қувур орқали ва эгатга плёнка тўшаб суғорилди ҳамда 1,6 млн. гектар майдонлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.

Шу соҳани ичида юрган мутахассис сифатида айтишим керак, сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулда суғориш усуллари деҳқонларимиз ўртасида оммалашиб бормоқда.

Жорий йилнинг 3 февраль куни ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш юзасидан тақдимотда қатнашдик.

Тақдимотда бу борадаги ишлар қамровини янада кенгайтириш бўйича ишланган янги таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, 2028 йилга қадар сув тежовчи технологияларни 930 минг гектар ерда ўрнатиб, бундай майдонларни 3,5 млн. гектарга ёки жами суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалаштирилган.

Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш орқали тежалган сув ресурслари сув таъминоти оғир ҳудудда жойлашган фермерларга кафолатли етказиб берилишига замин яратади. Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун янги тартиб ва имтиёзлар жорий этилмоқда.

Жумладан, 2026–2028 йилларда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган майдонлар ҳажмини 3,5 млн. гектарга етказиш асосий мақсадли кўрсаткич сифатида белгиланган. Бунда 220 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 110 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш, 600 минг гектар майдонни лазерли текислаш кўзда тутилган.

2026 йилда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун тижорат банклари томонидан 2,6 трлн. сўм кредит маблағлари ажратилади ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида 800 млрд. сўм субсидия маблағлари йўналтирилади.

Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича Хитойнинг Шинжон тажрибаси асосида мутахассис кадрлар малакасини тизимли ошириш йўлга қўйилади.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби жорий қилинади. Унга кўра:

2027 йилдан бошлаб ҳар йили сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси ва субсидиялар суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб белгиланади;

сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинганда, ажратиладиган субсидияларга 1,25 оширувчи коэффициент қўллаган ҳолда ҳисобланади;

сув билан барқарор таъминланган ҳудудда жойлашган суғориладиган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинмаганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 2 баробар оширилган миқдорда қўлланилади;

2026 йил 1 апрелдан бошлаб сув тежовчи технологиялар жорий қилинган ва Давлат бюджетидан субсидия ажратилган ер майдонларида сув тежовчи технологиялар ёки уларнинг асосий қисмларини ишлатмасдан, анъанавий усулда суғориш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланади ва фойдаланилган ҳар минг куб метр сув учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий санкцияларни қўллашга асос бўлади.

Ўзбекистонда соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш – долзарб масала. Давлатимиз раҳбари ҳузурида ўтган тақдимотда илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича кадрлар тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш юзасидан режалар ҳақида ҳам ахборот берилди. Жумладан, “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида жорий йилда 10 мингта фермер хўжаликлари ходимларининг малакаси оширилади, 358 нафар сув хўжалиги ходими малака ошириш учун хорижга юборилади.

Қарорда ҳам таълим ва малака ошириш инобатга олинган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети билан биргаликда 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб соҳадаги олий таълим муассасаларини жалб қилиб, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва фойдаланиш бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳадаги мутахассислар малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўради.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда мавжуд сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, сув тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш ва бу борадаги иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилди.

Энди сувдан шунчаки фойдаланмаслигимиз лозим. Сувни тежашни умуммиллий қадриятимиз даражасига кўтариш даври келди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 



  ...