2026-йил ноябрь ойида Туркиянинг Анталя шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси томонларининг 31-конференцияси (CОП31) бўлиб ўтади. Унда дунё давлатлари иқлим ўзгаришини юмшатиш, унинг оқибатларига мослашиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади. Ўзбекистон учун ушбу конференция аввалги халқаро анжуманларда илгари сурилган экологик ташаббусларни давом эттириш, минтақамиздаги иқлим муаммоларига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратиш учун муҳим майдондир. Зеро, Марказий Осиёда ҳароратнинг кўтарилиши, сув ресурслари тақчиллиги, чўлланиш ва ерлар деградацияси нафақат иқтисодий тараққиёт, балки табиий экотизимлар ва ўсимликлар хилма-хиллиги келажагига ҳам бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Иқлим ўзгаришига қарши халқаро ҳамкорликда 2015-йилда қабул қилинган Париж битими муҳим ўрин тутади. Унда глобал ҳарорат ошишини саноатлашувгача бўлган даврга нисбатан 2 °С дан анча паст даражада ушлаб туриш ва уни 1,5 °С билан чеклашга интилиш мақсади белгиланган. Ушбу мақсадга эришишда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш ҳамда молиявий ва технологик ҳамкорликни кенгайтириш устувор аҳамиятга эга. Айниқса, қурғоқчилик ва сув танқислиги кучаяётган ҳудудларда табиий экотизимларнинг барқарорлигини сақлаш муҳим вазифадир. Чунки иқлим шароитининг ўзгариши ўсимликларнинг табиий тарқалишига ва улар учун қулай экологик шароитларга бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис илмий кузатувларга асосланган мослашиш чораларини ишлаб чиқиш халқаро иқлим сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган.
Ўзбекистон томонидан халқаро майдонларда илгари сурилаётган иқлим ташаббуслари Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал этиш, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва табиий экотизимларни тиклаш каби долзарб масалаларни қамраб олмоқда. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев 2023-йилда Дубайда ўтказилган CОП28 саммитида Оролбўйида халқаро иқлим технологиялари экспо-хабини ташкил этиш бўйича ҳамкорликка чақирди. Ушбу ташаббус минтақанинг мураккаб экологик муаммоларини ҳал этишда замонавий технологиялар ва халқаро тажрибани бирлаштиришга қаратилган. 2024-йилда Бокуда бўлиб ўтган CОП29 саммитида эса иқлим ўзгариши оқибатидаги йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказ ташкил этиш ҳамда дарё экотизимларининг бутунлиги ва экологик хавфсизлигига оид декларация ишлаб чиқиш таклиф этилди. Шунингдек, ўсимликларнинг иқлим ўзгаришларига чидамлилигини ошириш мақсадида Генетик ресурсларнинг минтақавий банкини ишга тушириш режаси маълум қилинди.
Ўзбекистоннинг халқаро экологик ташаббуслари БМТ доирасида қабул қилинган ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, мамлакатимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, деградацияга учраган ва қурғоқчил ҳудудларда ўрмонларни барқарор бошқариш, барпо этиш ҳамда қайта тиклашга қаратилган резолюция 2024-йил 13-августда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда ерлар деградациясига қарши курашиш ва ўрмон экотизимларини тиклашнинг экологик муаммоларни бартараф этишдаги аҳамияти эътироф этилган.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари 2025-йил апрель ойида Самарқандда ўтказилган халқаро иқлим форумида ҳам муҳокама қилинди. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг иқлим ўзгаришига мослашиш стратегияси ишлаб чиқилиб, маъқуллангани қайд этилди. Президент ҳар йили Наврўз арафасида “Марказий Осиёнинг яшил белбоғи” минтақавий дарахт экиш акциясини ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, ўрмон хўжалиги ва қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига мослашувчанлигини оширишда илмий салоҳиятни бирлаштириш зарурлигини таъкидлади. Ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро иқлим сиёсатидаги фаол иштироки изчил давом этаётганини кўрсатади ва CОП31 конференциясида ҳамкорликни янада кенгайтириш учун муҳим асос яратади.
Халқаро экологик ташаббуслар мамлакатимизда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш, чўлланишга қарши курашиш ва табиий экотизимларни муҳофаза қилиш ишлари билан уйғунлашмоқда. Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб бир миллиарддан зиёд дарахт ва бута кўчатлари экилди. Президентнинг 2026-йил 6-июльдаги расмий ахборотида қайд этилишича, кўкаламзорлаштириш даражаси 2020-йилдаги 8 фоиздан 2025-йилда 14,3 фоизга етган. Чўлланишга қарши курашишда Оролбўйидаги экологик тиклаш ишлари алоҳида ўрин тутади. Кейинги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда янги ўрмонзорлар ташкил этилди. Саксовул ва бошқа чўл ўсимликларини экиш орқали амалга оширилаётган бу ишлар қум ва туз-чанг кўчиши хавфини камайтириш, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилашга қаратилган. Шу билан бирга, чўл ҳудудларининг табиий имкониятларидан оқилона фойдаланиш ва ўсимлик ресурсларини сақлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, чўл ўсимликлари уруғчилиги ва кўчатчилигини ривожлантириш, галофитларни етиштириш зарурлиги таъкидланиб, деградацияга учраган ерларда замонавий агротехнологияларни синовдан ўтказиш таклиф қилинди. Бу йўналишлар экологик тиклаш ишларини илмий тадқиқотлар билан уйғун олиб бориш заруратини кўрсатади.
Биологик хилма-хилликни сақлаш борасида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тармоғи ҳам кенгайтирилмоқда. Хусусан, 2025–2026-йилларда 10 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудуднинг майдони кенгайтирилди. 2026-йилда эса учта янги миллий табиат боғи ташкил этилиб, Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар департаменти тизимидаги ҳудудлар сони 24 тадан 27 тага етди. Расмий маълумотларга кўра, 2026-йил 30-март ҳолатига ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони мамлакат ҳудудининг 15,7 фоизини ташкил этган.
Кўкаламзорлаштириш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни кенгайтириш билан бир қаторда, иқлим ўзгариши шароитида табиий ўсимликлар хилма-хиллигини сақлаш ҳам долзарб вазифалардан биридир. Чунки ҳарорат ва намлик режимининг ўзгариши ўсимликларнинг яшаш шароитига турлича таъсир кўрсатиб, айрим турлар учун қулай ҳудудларнинг қисқариши ёки бошқа географик минтақаларга силжишига олиб келиши мумкин. Марказий Осиёда олиб борилган илмий тадқиқотлар бу жараёнлар, айниқса, тоғ ва тоғолди экотизимларида яққол намоён бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Айрим ўсимлик турларининг келажакдаги потенциал тарқалишини моделлаштириш натижаларида экологик мос ҳудудларнинг қисқариши, юқорироқ баландликларга силжиши ва иқлимий бошпана ҳудудларининг камайиши прогноз қилинган.
Сурхондарё вилояти табиий флораси бўйича олиб борилган тадқиқотларда 1981–1990-йиллар билан 2021–2023-йиллар таққосланганда ҳаво ҳарорати 1,8–2,0 °С га ошгани, ёғин миқдори ва тупроқ намлиги эса камайгани аниқланган. Айниқса, эндемик турлар тарқалган ҳудудларда иқлимий ўзгаришларнинг нисбатан кучлироқ намоён бўлиши уларнинг яшаш муҳитини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади. Шу нуқтаи назардан, миллий флорамизни сақлашда мавжуд муҳофаза этиладиган ҳудудлар билан чекланиб қолмасдан, ўсимликларнинг келажакдаги тарқалишидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳам ҳисобга олиш муҳимдир. Бунинг учун флористик тадқиқотлар, узоқ муддатли экологик мониторинг ва замонавий моделлаштириш натижаларини табиатни муҳофаза қилиш амалиётига изчил татбиқ этиш зарур. Иқлим ўзгариши шароитида биологик хилма-хилликни сақлаш халқаро ҳамкорлик, давлат экологик сиёсати ва илмий тадқиқотларнинг уйғунлигини талаб этади. CОП31 конференцияси бу борадаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун муҳим имкониятдир. Миллий флорамиз келажаги эса бугун қабул қилинаётган қарорлар, табиий экотизимларни муҳофаза қилиш ва илмий асосланган амалий чоралар самарадорлигига бевосита боғлиқ.